| Custom text | Мавзу | Манба | |
|---|---|---|---|
|
Намоз ичида таҳорати синиб қолган киши таҳоратини янгилаб келиб, намозининг қолган қисмини давом эттириб ўқиши мумкин. Лекин таҳоратга доир ишлардан бошқа иш қилиб қўйса ёки истинжо қилаётганда аврати очилиб қолса намози бузилади. Шунинг учун намоз ичида таҳорати синган киши бошидан қайта ўқигани афзалдир. |
намоз, аврат, таҳорат | Мухтасар, Қозихон | |
|
Товуқнинг янги туққан тухуми сувга тушса, сувни нопок қилмайди. Изоҳ: Бу фатвонинг аҳамияти шундаки, ҳеч ким одатда тухум тушган сувни истеъмол қилмайди. Лекин айрим саводхонлар қозонга ёки идишга хом тухумни чақиб оқизса, у ҳаромга айланади, чунки тухум пўчоғининг устки қисми нопок. Унга тегиб тушган суюқлик ҳам нопок бўлади, деб одамларни шубҳага солаётганликлари маълум бўлгани учун мазкур фатвони топиб ёзишга тўғри келди. Демак, тухум пўчоғининг устки қисми шаръан тоза ҳисобланар экан. |
тувуқ, тухум | Қозихон | |
|
Намозга кечроқ келган киши имомни рукуъда турганда топса, тик турган ҳолда такбири таҳримани айтиб, сўнгра рукуъга энгашиши керак. Борди-ю, энгашган ҳолда такбир айтса намози дуруст бўлмайди. Изоҳ: Зеро, такбири таҳрима тик ҳолда айтилиши шарт. Энгашган ҳолда айтилган такбир на таҳрима ва на рукуъ учун ўтмайди. |
намоз, имом, масбуқ, рукуъ, такбири тахрима | Қозихон | |
|
Намознинг фарзларидан бири — бу қибла, яъни Маккаи мукаррама шаҳридаги Каъба (Байтуллоҳ) томонга юзланиш. Макка аҳолиси учун қибла Каъбанинг ўзига бевосита ва билвосита юзланиш, деб иттифоқ қилинган. Аммо Маккадан узоқда яшовчи мусулмонлар олдинги пайтларда юлдузлар ва бошқа тахминлар асосида қиблани аниқлаганлар ва масжидлар қибласини ҳам шунга кўра белгилаганлар. Масалан, бизнинг диёримиз учун Шайх Абу Мансур Мотуридий (қ.с.)нинг қибла тўғрисида берган фатвоси асос қилиб олинган. Ул зот шундай деган эканлар: Ёзнинг энг узун кунида Қуёш ботган жойни белгилаб қўй! Сўнгра қишнинг энг қисқа куни Қуёш ботган жойни ҳам аниқлаб, белгилаб қўй! Шу икки аломат ўртасидаги оралиқни учга бўлиб, ўнг томонингга икки ҳиссасини, чап томонингга бир қиссасини тақсимлаб, ўртасига юзлангсанг, шу қибладир. Изоҳ: Ҳозирги илм-фан тараққий этган даврда, фалакиёт ва жуғрофия илмлари чуқур ўрганилиб келинаётган бизнинг асримизда қадим замондаги тахминий маълумотлар билан қаноатланиш маъқул эмаслигини ҳисобга олиб, ҳозирги вақтда фақат компас ва қибланамо каби асбоблар ёрдамида қиблани аниқлаш тавсия этилади. |
намоз, компас, қибла | Қозихон | |
|
Имом рукуъдан турган пайтда унга иқтидо қилган киши такбири таҳримани айтиб, рукуъ қилгач, имом билан бирга икки сажда қилса ҳам шу ракъатни топмаган бўлади. Лекин имом билан ўқиган бошқа ракъатлари дуруст бўлиб, имомдан сўнг ўша қолган ракъатни ўқийди. Изоҳ: Жамоатга кеч келган киши имомни қайси ҳолатда топса, такбири таҳримани айтиб ўша жойидан бошлаб имом билан намозни давом эттириши лозим. Арконлари бут адо этилган ракъатлар ҳисобга ўтади. Бошқаларининг қазоси ўқилади. |
муқтадий, намоз, имом, такбири таҳрима, рукуъ | Қозихон | |
|
Имом билан унга иқтидо қилувчи (муқтадий) ўртасида юпқа девор бўлса ёки қалин бўлса ҳам овоз ўтказадиган тешикчалар қўйилган бўлса, улар орқали имомнинг энгашаётган, тураётган ҳаракатлари кўриниб турса ёки такбирлари эшитилиб турса намози жоиздир. Изоҳ: Шунга қараганда ҳозирда масжид ҳудудида, лекин имомдан олисда алоҳида хоналарда сафдан ажралган ҳолда имомга иқтидо қилиб намоз ўқишлар, овоз кучайтиргичлар орқали имомнинг ҳолати билиниб тургани учун жоиздир. |
муқтадий, намоз, имом, иқтидо | Муҳит, Оламгирия | |
|
Имом жамоат намози адосидан сўнг суннат ёки нафл намоз ўқимоқчи бўлса имомлик килган жойидан (меҳробдан) бошқа жойга ўтиб ўқиши лозим. Агар жамоатга қараб ўтирмоқчи бўлса, қибланинг ўнги, ўзининг чапи билан айланиши мустаҳаб амаллардандир. Изоҳ: Муқтадийга иштибоҳ бўлмаслиги учун имом бошқа жойга ўтиб олиши ёки ёнига бошқа бир-икки намозхонни чорлаб олиши лозим. |
муқтадий, жамоат намози, намоз, имом | Қозихон | |
|
Аъробий, кўзи ожиз, қул, валади зино ва фосиқ кишилардан бири имом бўлиб намоз ўқилса, унга иқтидо қилиш жоиз, лекин кароҳияти бор. Изоҳ: Валади зинога иқтидо қилиш кароҳиятининг сабаби - одамлар ўртасида шов-шув гапларнинг пайдо бўлиш хавфидир. |
намоз, имом | Оламгирия, Хулоса | |
|
Намозда туриб, чироқнинг пилигини кўтарса (ҳозирги пайтда лампа ўчиргичини босса) намози бузилмайди. |
намоз, намозда ҳаракат | Қозихон | |
|
Имом Абу Юсуф (рҳ.) сўзига биноан аёл кишининг оёқ болдирлари намозда аврат ҳисобланмайди. Билаклари эса, қорни билан баробардир. Абу Юсуф билан Абу Ҳанифа (рҳ.)лардан яна шундай ривоят борки, намозда аёл кишининг билаклари ҳам аврат саналмайди. Яъни, икки билаклари очиқ ҳолда ўқиган намози дуруст ҳисобланади. |
намоз, аврат, аёл, намознинг бузилиши | Қозихон |
Theme by Danetsoft and Danang Probo Sayekti inspired by Maksimer